Logo

«Daily Times» газетаси: Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги узилмас тарихий кўприк

Февраль 14, 2026. 18:00 • 2 дақ

109
«Daily Times» газетаси: Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги узилмас тарихий кўприк

ИСЛОМОБОД, 14 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «Daily Times» газетасида «Бобурнинг барҳаёт мероси» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Покистондаги «Baburi Forum» президенти Рамзан Мўғул қаламига мансуб мазкур мақола аввалида таъкидланганидек, Исломобод шаҳрида қуриладиган Бобур боғига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан тамал тоши қўйилиши маросими дипломатик тадбир эмас, балки умумий меросимизни чуқур англаш ва уни қайта тиклаш рамзидир.

«Покистон пойтахти марказида барпо этилаётган Бобур боғи Покистон ва Ўзбекистонни ўзаро боғлаб турган чуқур тарихий алоқаларнинг амалий ифодасидир», – қайд этади муаллиф.

Нашрда, шунингдек, «Baburi Forum» ва Ўзбекистондаги «Бобур халқаро жамоат фонди» ўртасида имзоланган англашув меморандуми ҳақида ҳам маълумот берилган.

Бундан ташқари, материалда шоҳ Бобур давлатда адолатли бошқарувни таъминлагани, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тенг солиқ сиёсатига таянган самарали даромад йиғиш тизимини жорий этгани таъкидланган. Ўз даврининг кўплаб подшоҳларидан фарқли ўлароқ, Бобур адолат тамойилига содиқ эди ва бу фазилат унга ҳам халқ, ҳам замондошлари ҳурматини қозонишда муҳим аҳамият касб этди. Унинг давлат бошқаруви услуби маданий йўқотиш эмас, балки маданий уйғунлашувга асосланган эди: у маҳаллий анъаналарни ҳурмат қилар, шу билан бирга туркий таъсирни давлат бошқаруви ва сарой маданиятига табиий равишда сингдирган. Ана шу уйғунлик Бобурийлар империясининг уч асрдан зиёд равнақ топишига замин яратиб, Жанубий Осиёнинг бадиий ва маъмурий тараққиётига узоқ муддатли таъсир кўрсатган.

«Бобурнинг интеллектуал салоҳияти унинг мемуар асари – «Бобурнома»да ҳам яққол намоён бўлади. Она тили — туркий тилда ёзилган ва кейинчалик форс тилига таржима қилинган ушбу тарихий асар шоҳ ва шоир қалбига чуқур назар ташлаш имконини беради. «Бобурнома»да Бобурнинг табиатга бўлган беқиёс муҳаббати ҳам акс этган. Бугунги Покистон ҳудудини ташкил этган ўлкаларнинг ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳамда манзаралари ҳақидаги аниқ ва нафис тасвирлар кейинчалик Бобурийлар меъморчилигини белгилаб берган эстетик қарашлар асосига айланган. Лаҳордаги машҳур «Shalimar Gardens» Бобур қадрлаган “Чорбоғ” – жаннатсимон боғ ғоясининг бевосита давомидир», – деб ёзади Рамзан Мўғул.

Мақола муаллифнинг қуйидаги сўзлари билан якунланган: «Мирзо Бобур мероси барҳаёт намуна сифатида сақланиб қолмоқда. Бугунги кунда олимлар ва тарихчилар унинг меросини янада чуқур ўрганар экан, Бобур Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги узилмас тарихий кўприк сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қолаётганини таъкидлайдилар. Исломобод шаҳрида Бобур боғининг барпо этилиши эса ана шу қадимий алоқаларни мустаҳкамлаб, умумий тарихимиздан илҳом олган ҳолда янада интеграциялашган ва маданий жиҳатдан фаровон келажак сари интилишга ундайди».

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш