Ўзбекистон бош консули ва Томск вилояти губернатори аниқ натижаларга эришишга қаратилган энг муҳим йўналишларни белгилаб олдилар
Февраль 08, 2025. 10:22 • 2 дақ
• 150
ТОМСК, 8 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Томск вилояти губернатори Владимир Мазур билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув аввалида Томск вилояти губернатори ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини мамнунлик билан эсга олди. Ташриф давомида Ўзбекистон томони билан ўтказилган самарали учрашувлар ва савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан эришилган келишувларнинг амалий ижросининг муҳимлигини таъкидлади.
Губернатор 2024 йил январь-сентябрь ҳолатида, товар айирбошлаш бўйича Ўзбекистон Томск вилоятининг савдо ҳамкорлари рейтингида биринчи ўринни эгаллаганини билдирди.
Томонлар иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, ёқилғи-энергетика, кимё саноати, саноат кооперацияси ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш учун юқори салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон ва Томск вилоятидаги олий таълим муассасалари ўртасида илмий, академик алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини амалга оширишга эътибор қаратилди.
Учрашувда, шунингдек, меҳнат миграцияси масаласига, хусусан, Томск вилоятидаги турли корхоналарга Ўзбекистондан ишчи куни қонуний асосда жалб қилиш хусусида фикр алмашилди.
Россия томони Ўзбекистон фуқароларимизнинг ҳудуд иқтисодий ривожланишига қўшаётган ҳиссасини қайд этиб, Томск вилоятида уларнинг барча ҳуқуқ ва манфаатлари ҳурмат қилинишини тасдиқлади.
Ушбу йўналишдаги асосий қадамлар сифатида Томск вилояти маъмурияти ва Россиянинг мазкур ҳудуддаги меҳнат миграцияси соҳасидаги тегишли тузилмалари ҳамда Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси