Ўзбекистоннинг иқтисодий ва туризм салоҳияти Германиянинг Гамбург шаҳрида намойиш этилди
Май 19, 2025. 10:05 • 2 дақ
• 81
ГАМБУРГ, 19 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан "Laurea Germania" компанияси билан ҳамкорликда Германиянинг Гамбург шаҳрида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Гамбург шаҳрининг ишбилармон доира вакиллари, юридик ва консалтинг фирмалар раҳбарияти, инвесторлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилганлар юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар, хорижий компания ва инвесторлар учун яратилган шароит ва қулайликлар ҳамда халқаро эътироф этилаётган ютуқлар билан танишдилар. Шунингдек, Янги Ўзбекистон қиёфаси ва унинг халқаро иқтисодий жозибадорлиги ҳақидаги "Ўзбекистонга сармоя киритинг!" видеофильм намойиш этилди.
"Laurea Germania" компанияси раҳбари Сёрен Кролл ўз чиқишида Ўзбекистондаги фаолияти, юртимиздаги қўшма лойиҳаларга сармоя киритиш учун яратилган шароитлар билан батафсил таништирди. У немис компанияларини нафақат Ўзбекистонга сармоя киритишга, балки ўзбек компанияларининг Германия, Европада ўз шуъба корхоналари ва филиалларини очиш соҳасида ҳам фаол ҳамкорликка чақирди.
Тадбирнинг туризм салоҳиятига бағишланган қисмида жорий йилда Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши режалаштирилгани, юртимизнинг бой моддий ва маданий мероси, ранг-баранг табиати ва қадимий шаҳарлари, турли хилдаги сайёҳлик йўналишлари, яратилган замонавий инфратузилмалар ҳақида маълумот берилди.
Тақдимот сўнггида "Ўзбекистонга хуш келибсиз!" номли видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди ва гастрономик туризм билан танитиш мақсадида ўзбек миллий таомлар тайёрланди.
Гамбург шаҳри федерал ўлка мақомига эга бўлиб, Германиянинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланди. Шаҳарда 2 миллионга яқин аҳоли яшайди. Гамбург порти – Европада Роттердамдан кейин иккинчи ва дунёда тўққизинчи ўринда туради. Ушбу порт савдо-иқтисодий салоҳияти туфайли "Дунё дарвозаси" номини олган.
Мамлакатнинг етакчи авиасаноат, суғурта ва медиа компаниялари ушбу шаҳарда фаолият юритади. Гамбург, шунингдек, Европа ва Шарқий Осиё савдосининг муҳим нуқтаси ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси