Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Декабрь 14, 2025. 12:59 • 2 дақ
• 217
БУДАПЕШТ, 15 декабрь. /“Дунё” AA/. Венгрия пойтахтида иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлигини ошириш агентлиги директори Улуғбек Ҳусаинов бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида ташкил этилди. Делегация таркибидан Бухоро, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, ушбу ҳудудларда фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ўрин олди.
Тадбирда Венгрия томонидан Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазирлиги давлат котиби ўринбосари Каталин Бихари, Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги бош директори, Зала, Дьёр-Мошон-Шопрон, Боршод-Абауй-Земплен, Хайду-Бихар, Толна, Пешт ва Вешпрем провинциялари губернаторлари иштирок этди.
Форумнинг асосий мавзуси биродарлик алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистон ва Венгрия ҳудудлари ўртасида бизнес кооперациясини ривожлантириш бўлди. Томонлар бундай алоқалар тажриба алмашиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
Ишбилармонлик дастури доирасида бизнес-форум ва “B2B” шаклидаги музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат компаниялари вакиллари инвестиция ва экспорт истиқболларини муҳокама қилди. Қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, балиқчилик, энергетика ва қурилиш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Форум Венгрия минтақаларининг ўзбекистонлик ҳамкорларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини намойиш этди ва мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар нафақат давлат тузилмалари даражасида, балки компанияларнинг бевосита ўзаро ҳамкорлиги орқали ҳам ривожланиши мумкинлигини кўрсатди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Сирдарё вилояти делегацияси Хитой тажрибасини ўрганмоқда