Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг 10-йиғилиши бўлиб ўтди
Июль 17, 2025. 19:52 • 2 дақ
• 251
БУДАПЕШТ, 17 июль. /"Дунё" АА/. Бугун Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг 10-юбилей йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Йиғилиш Ўзбекистон инвестиция, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто раислигида ўтказилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад олий даражада эришилган икки томонлама келишувларни амалга оширишнинг амалий механизмларини муҳокама қилиш, шунингдек, муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фан ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакатда қўшма корхоналар сонини кўпайтириш борасидаги мавжуд вазиятни муҳокама қилдилар.
Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг баённомаси имзоланди. Унда келишилган шартлар тасдиқланди ва яқин истиқболдаги устувор йўналишлар белгиланди.
Шунингдек, қуйидаги муҳим ҳужжатлар имзоланди:
-Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирлиги ўртасида "Stipendium Hungaricum" дастури доирасида 2024–2026 йилларда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми;
- Ўзбекистоннинг "Basalt Group" компанияси ва Венгриянинг "MOL" энергетика компанияси ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва инновацион ечимларни ишлаб чиқаришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандуми.
Тадбир икки давлатнинг етакчи компаниялари вакиллари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми билан якунланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси