Хитойнинг Чанша шаҳрида Бухоро–Хунань бизнес-форуми бўлиб ўтди
Май 20, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 180ЧАНША, 20 май. /“Дунё” АА/. Бухоро вилояти делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида Хунань провинциясининг Чанша шаҳрида “Бухоро–Хунань савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги” мавзусида бизнес-форум ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Хунань Халқаро савдони рағбатлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Хунань провинцияси минтақанинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритувчи 200га яқин етакчи компания вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар эътиборига Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда унинг савдо-иқтисодий, сармоявий ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар намойиш этилди.
Хитой томони Бухоро вилоятининг инвестициявий салоҳиятини ва ҳудудда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитларни эътироф этиб, ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
G2B ва B2B форматидаги музокараларда Бухоро вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги ва шаҳарсозлик соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Форум якунида Хунань провинциясининг етакчи компаниялари вакилларидан иборат делегациянинг Бухоро вилоятига ташрифини уюштириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








