Покистоннинг етакчи тўқимачилик компанияси Тошкент шаҳрида ўз офисини очади
Май 20, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 53ИСЛОМОБОД, 20 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Панжоб вилоятига амалга оширган хизмат сафари доирасида «Indus Group» компанияси фаолияти билан танишди ва компания ижрочи директори Абид Ҳафиз билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот аввалида Покистон томони Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақидаги батафсил маълумотлар билан таништирилди.
Томонлар икки давлат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, компаниянинг Иордания ва Мисрдаги фабрикалари эҳтиёжи учун Ўзбекистондан тайёр матолар етказиб бериш муҳокама қилди.
Ижрочи директор Абид Ҳафиз компания делегацияси шу йил апрель ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимиздаги хомашё базаси, тўқимачилик саноати инфратузилмаси ва маҳаллий корхоналар фаолияти билан яқиндан танишганини маълум қилди. Унинг айтишича, компания Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда тайёр кийим-кечак маҳсулотларини Россия ва Европа давлатлари бозорларига экспорт қилишдан манфаатдор.
Шу нуқтаи назардан, келгусида Ўзбекистонда тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни Россия ва Европа бозорларига экспорт қилиш имкониятларини кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида «Indus Group» компанияси раҳбариятининг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифини ташкил этиш, ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ва маҳаллий шериклар билан ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрида компания офисини очиш бўйича келишувга эришилди.
«Indus Group» компанияси 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, тўқимачилик, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, таълим ҳамда кўчмас мулк соҳаларида фаолият юритади. Компания Покистон, АҚШ, Канада, Австралия ва Буюк Британияда илмий-тадқиқот ва дизайн лабораторияларига, шунингдек, Покистон, Иордания, Миср ва Камбоджада ишлаб чиқариш қувватларига эга. Корхонанинг 2025 йилдаги экспорт ҳажми 706 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







