Logo

Испаниянинг етакчи компанияси Ўзбекистонда оқава сув тозалаш иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

Январ 11, 2024. 18:15 • 2 дақ

377
Испаниянинг етакчи компанияси Ўзбекистонда оқава сув тозалаш иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

МАДРИД, 11 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Испаниянинг «Almar Water Solutions» компанияси вице-президенти Аранча Менсиа Саета билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

«Almar Water Solutions» вице-президенти Аранча Менсиа Саета Ўзбекистонда оқава сув тозалаш иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳаларда компания ўз технологиялари ва сармоялари билан иштирок этишга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

-«Almar Water Solutions» компанияси Самарқанд шаҳрига йўлдош Ширин шаҳарчасида сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик асосида қуришга тайёр, - деди у. - Лойиҳанинг молиявий масалалари компаниянинг ўз маблағлари ва халқаро молиявий институтлар кредитлари ҳисобига қопланади.

Таъкидланишича, дастлабки босқичда мазкур компанияси Ўзбекистон «Сувтаъминот» АЖ ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан лойиҳавий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тариф нархларини келишишни режалаштирган. Ушбу жараёндан сўнг, томонлар ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро келишув имзоланади.

«Almar Water Solutions» - дунёдаги етакчи сув инфратузилмасини ривожлантириш ва техник хизмат кўрсатиш компанияси ҳисобланади. Корхона шаҳар ва саноат тармоқлари учун коммунал хизматлар кўлами бўйича инновацион ечимларни тақдим этади. Ушбу компания тўрт асосий йўналишда фаолият юритади: янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, активларни бошқариш, хизмат кўрсатиш ечимлари ва саноат сувини мослаштириш орқали мижозларининг эҳтиёжларини қондириш.

Испан компанияси, шунингдек, халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга. «Almar Water Solutions» компаниясининг бош қароргоҳи Мадрид шаҳрида жойлашган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш