Италиянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик келишувларига эришилди
Март 16, 2026. 12:11 • 2 дақ
• 67
РИМ, 16 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Италиянинг қурилиш, логистика, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳаларида фаолият юритувчи 20 дан ортиқ етакчи компания ва ассоциациялар раҳбарлари иштирок этди.
Давра суҳбатида мамлакатимиз элчиси Абат Файзуллаев сўз юритиб, сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар амалий мазмун билан бойиб бораётганини алоҳида таъкидлади. У италиялик инвесторларга мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар, “New Tashkent City” мега-лойиҳаси ҳамда Самарқанд вилоятида ташкил этилаётган ихтисослаштирилган саноат зоналарининг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Музокаралар натижасида “Confcommercio”, “Confesercenti” ва “Confapi Arezzo” ассоциациялари билан савдо ва агросаноат йўналишида ҳамкорлик қилиш, “Wizard Capital” ва “IDM” агентликлари орқали Италиянинг илғор консалтинг хизматларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш бўйича келишувларга эришилди.
Саноат соҳасида “Betonform” ва “PV Colour” компаниялари билан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, транспорт йўналишида эса “M2 Rail” ва “Wankelmuth” компаниялари билан темир йўл ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бу каби мулоқотлар Италиянинг юқори технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш ва икки давлат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри бизнес-миссияларни ташкил этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси