Logo

Покистон компанияси Ўзбекистонда болалар ва спорт пойабзалларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда

Март 14, 2026. 17:30 • 2 дақ

68
Покистон компанияси Ўзбекистонда болалар ва спорт пойабзалларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда

ЛАҲОР, 14 март. /“Дунё” АА/. Амалий ташриф билан Покистоннинг Лаҳор шаҳрида бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси «Hawk Fire Industries» компанияси раҳбари Кашиф Раза билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда, шунингдек, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев иштирок этди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек «Hawk Fire Industries» компанияси иштирокида Тошкент вилоятида чармни қайта ишлаш саноатида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Покистон томонига Ўзбекистонда терини қайта ишлаш саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар, махсус саноат зоналари, хусусан Тошкент вилоятида ташкил этилган терини қайта ишлаш бўйича махсус саноат зонасининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги барча терини қайта ишлаш корхоналари мазкур саноат зонасида жойлаштирилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда чарм саноати асосан мол терисидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашгани, майда шохли чорва моллари терисининг катта қисми эса ҳозирча тўлиқ қайта ишланмаётгани таъкидланди. Мавжуд хомашё заҳирасидан самарали фойдаланиш мақсадида Покистон томонига Тошкент вилоятидаги терини қайта ишлаш бўйича махсус саноат зонасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш таклифи билдирилди.

Шунингдек ўқинг

«Hawk Fire Industries» компанияси раҳбарининг айтишича, корхона ушбу соҳада 30 йилдан буён фаолият кўрсатади ва терини қайта ишлашдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган қувватларга эга. Таъкидланишича, корхона жаҳон бозори стандартларига тўла жавоб берадиган болалар пойабзаллари, аёллар ва эркаклар учун мўлжалланган турли хил сумкалар ҳамда спорт анжомларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

«Биз Ўзбекистонда қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганиш ва «UzCharmExpo» халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш мақсадида шу йил апрель ойида бизнес-миссия билан юртингизга боришни режалаштиряпмиз. Келгусида Ўзбекистонда болалар ва спортчилар учун мўлжалланган оёқ кийимлар, шунингдек, боксчилар учун чарм қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, уларни Европа бозорларига, хусусан Германияга экспорт қилишни режа қилганмиз», – деди Кашиф Раза.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш