Покистон компаниялари Тошкент вилоятида картошка ва гўшт етиштириш ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида лойиҳаларни амалга оширади
Март 15, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 64
ЛАҲОР, 15 март. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Покистоннинг Лаҳор шаҳрига ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Покистоннинг «Go Group» компаниялар гуруҳи раиси Халид Риаз билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари хусусида фикр алмашилди.
«Go Group» компанияси энергетика, агробизнес ва логистика соҳаларида халқаро инвестициялар ҳамда стратегик ҳамкорликларни йўлга қўйган йирик хусусий бизнес гуруҳларидан бири ҳисобланади.
Покистон томони эътиборига Тошкент вилояти вакиллари томонидан ҳудуднинг иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳияти, аграр йўналишдаги кенг имкониятлари ҳамда яратилган шарт-шароитлар бўйича тақдимот этилди. Ҳозирги кунда вилоятда 60 мингдан зиёд саноат корхонаси фаолият юритаётгани, шундан 2500 дан ортиғи 74 та давлат инвестицияси иштирокида ташкил этилгани маълум қилинди.
Шундан сўнг икки томонлама инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ўзбекистонда картошкага бўлган талаб юқорилигини таъкидлаб, «Go Group» компаниясига вилоятда картошка етиштириш ва картошкачилик бўйича илмий-уруғчилик тадқиқот институтини ташкил этиш ҳамда Тошкент вилоятида 10 минг гектар майдонда шоли етиштириш таклифини билдирди. Шунингдек, икки мамлакат маҳсулотларини тақдим этиш ва сақлаш учун шоурумлар ҳамда омборхоналарни очиш муҳимлиги таъкидланди.
«Go Group» компаниялар гуруҳи раиси Халид Риаз Ўзбекистонни МДҲ ва Европа мамлакатларига экспортни амалга ошириш учун хаб сифатида кўраётганини билдирди.
Учрашув якунида Тошкент вилоятида йирик логистика марказини ташкил этиш, аграр соҳада қатор истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари ташриф давомида Покистоннинг «HRL Group» компаниялар гуруҳи раиси Заҳид Рафиқ билан ҳам учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида мазкур компания томонидан Покистон ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган қурилиш лойиҳалари, компания фаолияти йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Заҳид Рафиқнинг айтишича, компания қурилиш соҳасидан ташқари таълим, ахборот технологиялари ва IT йўналишларида ҳам фаолият юритмоқда.
«Компаниямиз Покистонда йирик шаҳарсозлик ва йўл қурилиши соҳасида бир қатор лойиҳаларни амалга оширган. Рақамли технологиялар йўналишида дата-марказ барпо этяпмиз. Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Ўзбекистонда ҳам шаҳарсозлик ва рақамли технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар давом этаяпти», деди у.
Музокаралар натижасида томонлар Тошкент вилоятида давлат-хусусий шерикчилик асосида қатор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва Нурафшон шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида иштирок этишга келишиб олдилар.
Мамлакатимиз вакиллари гўшт экспорт қилишга ихтисослашган «Zenith Associates» компаниясида ҳам бўлиб, корхона фаолияти билан танишди.
«Zenith Associates» гўшт экспорт қилиш бўйича Покистондаги йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Корхона томонидан бир кунда 150 тонна гўшт экспорти амалга оширилади.
Компания бошқарувчи директори Ариф Ғияс билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистонга гўшт етказиб бериш ҳажмини ошириш, транспорт-логистика масалаларини ҳал қилиш, Тошкент вилоятида логистика марказини қуриш ва бошқа мавзулар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш мақсадида «Zenith Associates» делегациясининг Тошкент вилоятига ташрифини уюштириш юзасидан келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси