Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда паррандачилик кластерини ташкил қилмоқчи

Февраль 21, 2025. 12:11 • 2 дақ

161
Малайзия компанияси Ўзбекистонда паррандачилик кластерини ташкил қилмоқчи

КУАЛА-ЛУМПУР, 21 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Bounty Biotech Sdn Bhd" компанияси бош ижрочи директори Алан Кинг Хао билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Алан Кинг Хао мулоқот аввалида давлатимиз раҳбарининг Малайзияга ташрифи арафасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги раҳбарияти ва Бухоро вилоятидан келган тадбиркорлар билан самарали музокаралар ўтказилганини маълум қилди.

Малайзия вакили мамлакатимизда парранда озуқасини ишлаб чиқариш ва паррандачилик мажмуини ўз ичига олган кластерни ташкил этиш лойиҳаси жиддий қизиқиш уйғотганини билдирди.

"Парранда озуқасини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асосий хом-ашё Ўзбекистонда кўплаб миқдорда етиштирилиши ушбу лойиҳани жиддий кўриб чиқишга туртки бўлди. Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган транспорт коридорлари, кейинчалик ушбу йирик бозорларга парранда гўштини экспорт қилиш учун ҳам қулай логистика шароити мавжуд", деди Алан Кинг Хао.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ва жойлашувини батафсил ўрганиш учун "Bounty Biotech Sdn Bhd" компанияси делегацияси  Ўзбекистонга бориши режалаштирилган.

"Bounty Group Holdings (Sdn Bhd.)" холдинг компанияси 2008 йилда ташкил этилган. Компания парранда озуқасини ишлаб чиқариш, парранда гўштини етиштириш ва улгуржи савдоси билан шуғулланувчи бир нечта корхоналарни бирлаштиради. "Bounty Biotech" компанияси холдинг таркибида паррандачилик соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмалар (R&D) фаолиятини ҳам олиб боради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш