Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда мисни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда

Январ 17, 2024. 14:43 • 54 сония

285
Малайзия компанияси Ўзбекистонда мисни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 17 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг «Luna Far East» компанияси ижрочи директори Тью Синг Чью билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот давомида Тошкент вилоятида мисни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирган Малайзия томонига мис катодларини харид қилиш, ишлаб чиқилган тайёр маҳсулотларни экспорт қилишда қўлланиладиган транспорт йўлаклари ва ташқи савдо маршрутлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Малайзия компанияси раҳбари ушбу лойиҳа икки босқичда амалга оширилишини, биринчи босқичда лойиҳа қиймати 5 миллион АҚШ доллари атрофида бўлишини, маҳсулотлар тўлиқ Яқин Шарқ мамлакатлари ва Мисрга экспорт қилинишини маълум қилди.

Музокаралар натижасида мисни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш, тегишли ташкилотлар вакиллари билан музокаралар олиб бориш мақсадида жорий йилнинг март ойида хориж томонининг Ўзбекистонга сафарини амалга оширишга келишилди.

Учрашув сўнгида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишилди.

2003 йилда ташкил этилган «Luna Far East» компанияси мис хом ашёсидан тайёр маҳсулотлар, шу жумладан мис фольгаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари Малайзиянинг Селангор штатида ва Таиландда жойлашган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш