БАА компанияси Янги Тошкентни барпо этиш лойиҳаларига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда
Ноябрь 04, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 80
АБУ-ДАБИ, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси дипломатлари “Plenary Group” инвестиция компаниясининг Яқин Шарқ бўлинмаси бош директори Оливер Барбагалло билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида томонлар ўзбек-араб инвестициявий ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилиб, Янги Тошкент ҳудудида амалга оширилаётган инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Компания вакилига мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари, замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари, қулай инвестициявий муҳит ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, капитал киритишнинг истиқболли йўналишлари тақдим этилди.
Оливер Барбагалло “Plenary Group” компаниясининг Янги Тошкентдаги ижтимоий соҳа, инфратузилма ва маъмурий объектларни қуриш билан боғлиқ йирик лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар истиқболли инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси