Покистоннинг йирик қурилиш компанияси Янги Тошкент лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда

Ноябрь 04, 2026. 08:10 • 2 дақ

• 168
Покистоннинг йирик қурилиш компанияси Янги Тошкент лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда

ИСЛОМОБОД, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ушбу мамлакатдаги “IMARAT Group” компанияси раҳбари Акбар Шафик билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Тошкент лойиҳасини амалга ошириш юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, Покистоннинг йирик девелоперлик компанияларини мазкур лойиҳага жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Дипломатлар томонидан Янги Тошкент лойиҳаси бўйича тақдимот ўтказилди. Унда Янги Тошкент шаҳри лойиҳасининг мазмун-моҳияти, хорижий инвесторлар учун тақдим этиладиган имтиёзлар ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Томонлар “IMARAT Group” компаниясининг Ўзбекистонда, хусусан, Янги Тошкент ҳудудида йирик кўчмас мулк ва комплекс девелопмент инвестиция лойиҳаларида иштирокини таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Покистонлик инвесторга ушбу ҳудудда кўп тармоқли бунёдкорлик лойиҳасини амалга ошириш таклиф қилинди. Лойиҳа замонавий турар-жой мажмуалари, “Grade-A” тоифасидаги офис майдонлари, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхона ва конференция марказлари ҳамда замонавий жамоат ҳудудларини қамраб олади.

“IMARAT Group”нинг кўчмас мулк соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича тажрибаси истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Шу муносабат билан компанияга қурилиш лойиҳасини амалга ошириш, келгусида Янги Тошкентда кўчмас мулкни бошқариш, сотиш ва рақамли мижозларга хизмат кўрсатиш тизимларини жорий этиш имкониятларини ўрганиш таклифи билдирилди.

Акбар Шафикнинг фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда шаҳарсозлик соҳасида эришилган ютуқлар кўпчиликни ҳайратга солмоқда.

“Янги Тошкент лойиҳаси Ўзбекистон тараққиётини белгилаб берувчи муҳим лойиҳалардан биридир. Шу боис, мазкур мегалойиҳада иштирок этишга қизиқиш пайдо бўлди. Дастлабки босқичда Ўзбекистонга ташриф буюриб, Янги Тошкент лойиҳаси билан батафсил танишган ҳолда кейинги қадамларни белгилаймиз”, – дейди Акбар Шафик.

Бўлиб ўтган муҳокамаларда “IMARAT Group” делегациясининг Ўзбекистонга сафари ташкил этилиши ва дастлабки муҳокамалар босқичини аниқ инвестиция концепциясини шакллантириш босқичига олиб чиқиш бўйича келишиб олинди.

“IMARAT Group” Покистоннинг кўчмас мулк ва қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи йирик компаниялар гуруҳларидан бири ҳисобланади. Компания ўз фаолияти доирасида кўчмас мулк, архитектура ва дизайн, меҳмонхона бизнеси, қурилиш материаллари, кўчмас мулкни сотиш ва бошқариш, рақамли кўчмас мулк технологиялари йўналишларини ягона экотизимга бирлаштирган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш