Ўзбекистонда йўл битумини ишлаб чиқариш бўйича Венгрия технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда
Ноябрь 02, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 192
БУДАПЕШТ, 2 ноябрь. / “Дунё” АА/. Будапештда Венгриянинг “MOL Group” компанияси раҳбарияти ва юртимизнинг “SHB ROAD INVEST” компанияси вакиллари ўртасида Ўзбекистонда йўл қурилиши учун резина билан модификацияланган битум (RMB) ишлаб чиқариш технологиясини жорий этиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув саноат кооперациясини кенгайтириш ва илғор технологияларни жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Кўриб чиқилаётган лойиҳанинг қиймати 35 миллион долларни ташкил этади.
RMB технологияси эскирган автомобиль шиналарини қайта ишлаш орқали олинадиган резина увоқларидан йўл битумига қўшимча сифатида фойдаланишни назарда тутади. Бундай ёндашув йўл қурилиши материалларини ишлаб чиқаришда иккиламчи хомашёни қўллаш имконини беради.
Дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида лойиҳага Ўзбекистон томонидан ҳамкор сифатида “SHB ROAD INVEST” компанияси жалб этилди. Томонлар ушбу технологияни Ўзбекистонда жорий этиш масаласини келгусида биргаликда пухта ишлаб чиқишни кўзда тутувчи ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.
Мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши замонавий йўл қурилиши материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, автомобиль шиналарини қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат корхоналари ўртасидаги технологик алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мамлакатимиз элчихонаси компанияларнинг ўзаро ҳамкорлигига ва эришилган келишувларни рўёбга чиқариш бўйича амалий қадамларни ишлаб чиқишга кўмаклашишда давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси