Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокара ўтказилди
Май 10, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 106
ДУБАЙ, 13 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг БААдаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлатдаги “Dubai Chambers” ташкилоти президенти ва бош директори Муҳаммад Али Лута билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада кенгайтириш борасида фикр алмашди. Шу билан бирга, иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев Ўзбекистонда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни кучайтириш, тадбиркорлик учун тенг ва қулай шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусий ва хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ишончини мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари алоҳида қайд этилди.
Учрашув давомида “Dubai Chambers” вакилларининг V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши, Дубайда икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида қўшма бизнес-форум ва қатор Б2Б форматида учрашувларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
“Dubai Chambers” 1965 йилда ташкил этилган бўлиб, Дубай амирлигида бизнес ва савдо манфаатларини қўллаб-қувватловчи ҳамда ҳукумат билан яқин ҳамкорлик қилувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади. Палата Дубай иқтисодиёти ва халқаро савдони ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Ташкилотнинг асосий вазифалари хусусий бизнес ва компанияларни қўллаб-қувватлаш, халқаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, экспорт учун келиб чиқиш сертификатларини бериш, бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва маслаҳат бериш, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, кўргазма, форум ва B2B шаклидаги учрашувларини ташкил этишдан иборат.
Бугунги кунда палата таркибига 292,5 мингдан ортиқ аъзо кириб, уларга тендерларда иштирок этиш, савдо ҳужжатларини расмийлаштириш ва импорт-экспорт операцияларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

БААнинг қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги етакчи компанияси V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади



