Ўзбекистон Президенти Озарбайжон ва Буюк Британиянинг нефть-газ соҳасидаги етакчи компаниялар делегацияларини қабул қилди
Май 13, 2026. 18:35 • 2 дақ
• 18
ТОШКЕНТ, 13 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – 2026” форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси бош директори Равшан Нажаф ҳамда “British Petroleum” компанияси раҳбарияти Ариэль Флорес ва Жованни Кристофолини қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда энергетика ва нефть-газ соҳасида етакчилардан ҳисобланган ушбу йирик компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Энергетика соҳасидаги кооперация муваффақиятли кечаётгани мамнуният билан қайд этилди. “SOCAR” компанияси Устюрт платосидаги углеводород конларини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистоннинг шериги ҳисобланади. “SOCAR”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ушбу кенг кўламли лойиҳага “British Petroleum” компанияси қўшилганига юксак баҳо берилди.
Нефть-газ соҳасида углеводород хомашёсини қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, нефть ва нефть маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб беришни йўлга қўйиш ҳамда тармоқ учун мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси раиси сифатида ҳам фаолият юритаётган Равшан Нажаф давлатимиз раҳбарига 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ёшлар ўртасидаги U-20 жаҳон чемпионатини ўтказишга биргаликда тайёргарлик кўришдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти раислигида озиқ-овқат хавфсизлиги ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди



