Ўзбекистон ва БАА агроинновация ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида шерикликни муҳокама қилди
Июль 02, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 82
АБУ-ДАБИ, 2 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари ва БААнинг етакчи “Bustanica” компанияси ижрочи директори Жанет Кристенсен билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида замонавий агротехнологиялар, вертикал фермерликни ривожлантириш, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ва рақамли ечимларни кенг жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида томонлар вертикал фермерлик технологияларининг сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида йил давомида барқарор маҳсулот етиштиришдаги юқори аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, мазкур илғор йўналишда жаҳон тажрибасини чуқур ўрганиш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда агро-мутахассислар ўртасида доимий тажриба алмашинувини йўлга қўйиш имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўз навбатида, Жанет Кристенсен “Bustanica” компаниясининг замонавий фаолияти, юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тизими ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион ёндашувлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур компания дунёдаги энг йирик ёпиқ вертикал фермалардан бирини бошқаради. Корхонада илғор гидропоника технологиялари жорий этилган бўлиб, бу анъанавий деҳқончиликка нисбатан сув сарфини 95 фоизгача тежаш ҳамда юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконини беради.
Учрашув якунида томонлар агроинновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳаларида ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш ҳамда келгусида қўшма амалий дастурларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси