Қатардаги АҚШ–Эрон музокараларида ижобий силжиш кузатилди
Июль 02, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 45
ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 2 июль. /“Дунё” АА/. Доҳада қатарлик ва покистонлик воситачилар АҚШ ва Эрон музокарачилари билан алоҳида учрашувларни якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Al Jazeera” телеканалига таяниб.
Қатар ТИВ расмий вакили Мажид ал-Ансорий музокаралар жараёнида ижобий силжиш кузатилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасидаги билвосита музокараларнинг навбатдаги давраси Эроннинг собиқ олий раҳбари Али Хоманаийнинг дафн маросимидан сўнг бўлиб ўтади.
Теҳроннинг маълум қилишича, Вашингтон билан маслаҳатлашувлар чоғида англашув меморандумининг бузилиши ҳақида хабардор қилиш ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш учун “алоқа канали” яратишга келишиб олинган.
Музокаралар жараёнидан хабардор манбаларга кўра, икки мамлакат вакиллари Ҳўрмуз бўғозидаги денгиз ташувлари ва Эроннинг музлатилган маблағлари масаласини муҳокама қилган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп билвосита музокараларда эришилган ютуқларни олқишлаб, Доҳада жуда яхши учрашувлар бўлиб ўтганини таъкидлади.
“Ишларнинг боришидан келиб чиқилса, Эронни ядровий қуролсизлантириш муваффақиятли кетмоқда. Биз уларга [Эронга] жуда кучли зарба бердик. Лекин жуда яхши келишиб кетяпмиз”, – деди давлат раҳбари журналистларга.
Бироқ, манбаларга кўра, техник тусдаги музокараларда ядро дастури кўтарилмаган. Вице-президент Жей Ди Венс бу масала кейинроқ кўриб чиқилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон 28 февраль куни АҚШ–Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган собиқ олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашиш учун ўз тарихидаги энг йирик давлат дафн маросимига тайёргарлик кўрмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси