Венесуэлада ҳалок бўлганлар сони 2295 кишига етгани сабабли етти кунлик миллий мотам эълон қилинди

Июль 02, 2026. 12:00 • 2 дақ

78
Венесуэлада ҳалок бўлганлар сони 2295 кишига етгани сабабли етти кунлик миллий мотам эълон қилинди
“AP” агентлиги сурати

КАРАКАС, 2 июль. /“Дунё” АА/. Венесуэлада содир бўлган иккита кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2295 нафарга, жароҳатланганлар сони эса 11267 нафарга етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN”га таяниб.

“Ҳозирги вақтда табиий офатдан жабрланганлар сони 12841 кишини ташкил этмоқда”, – деди Венесуэла Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес мамлакатдаги вазиятга бағишланган кундалик брифингда.

Унинг сўзларига кўра, турли мамлакатлардан ва Венесуэланинг ўзидан жалб қилинган 4000 дан ортиқ қутқарувчи ҳамда кўнгиллилар 6461 кишининг ҳаётини сақлаб қолган.

Айни пайтда, БМТ 50 мингга яқин одамни бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда. Парламент спикерининг таъкидлашича, уларнинг қарийб 30 минг нафари энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра шаҳри порт ҳудудида бўлган. Унинг фикрича, тирик қолганлар сони 20 минг кишига етиши мумкин, чунки кўпчилик вайроналар остидан мустақил равишда ёки яқинлари ёрдамида чиқиб олишга муваффақ бўлган.

У, шунингдек, соғлиқни сақлаш ходимлари, хавфсизлик хизмати ходимлари ва ўт ўчирувчиларни зилзилалар сабабли юзага келган уй-жой муаммоларини ҳал қилиш учун “Patria” платформасида рўйхатдан ўтишга чақирди.

Қайд этилишича, мамлакатда 25 та вақтинчалик лагерь ташкил этилган бўлиб, улардан 13 таси Ла-Гуайра шаҳрида, 8 таси Каракас, 2 таси Миранда, 1 таси Карабобо ва яна биттаси Яракуяда жойлашган.

Шунингдек ўқинг

Ҳукумат лагерларни жиҳозлаш ва жабрланганларни у ерга кўчириш бўйича тезкор чоралар кўрмоқда.

Хорхе Родригеснинг айтишича, 24 июндан бери Венесуэлада 782 та афтершок (такрорий зилзила) қайд этилган, бироқ уларнинг такрорланиш частотаси ва кучи пасайган.

Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес кеча зилзила қурбонлари хотирасига етти кунлик миллий мотам эълон қилди.

“Бундай қайғули дамларда фожиа қурбонларини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уларга ҳамроҳлик қилиш ва уларни ҳимоя қилишга содиқ эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз”, – деди у.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш