Ҳиндистоннинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда
Декабрь 17, 2024. 18:26 • 56 сония
• 184
ТОШКЕНТ, 17 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ҳиндистоннинг "TIL Healthcare" компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, хорижлик сармоядорлар билан ҳамкорлик қилиш учун яратилган қулай муҳит ҳақида сўзлаб берилди. Фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, аҳолини замонавий, сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш мақсадида кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар, "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери фаолияти, чет эл компанияларига тақдим этилаётган имтиёзларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар биргаликда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш бўйича шериклик имкониятларини муҳокама қилди.
"TIL Healthcare" маҳсулотлари Осиё, Африка, МДҲ, Марказий ва Лотин Америкасининг 50 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинади. Компания малакали кадрлар ва мустаҳкам инфратузилмага эга бўлиб, фармацевтика соҳасида жорий қилаётган илғор инновациялари ва тайёрлаётган сифатли дори-дармон товарлари билан ном қозонган.
Ҳиндистонлик фармацевтлар Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар амалга оширишга қизиқиш билдирди ва маҳаллий ҳамкорлар билан ушбу мақсадга қаратилган музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси