Покистон компанияси Хивада “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга оширишни бошлади

Сентябрь 27, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 216
Покистон компанияси Хивада “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга оширишни бошлади

ИСЛОМОБОД, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг йирик қурилиш ва инфратузилма компанияларидан бири — “Habib Rafiq Engineering (Pvt.) Ltd.” Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “ақлли шаҳар” барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишларини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур инвестиция лойиҳаси Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва “Habib Rafiq Engineering (Pvt.) Ltd.” ўртасида кечган узоқ муддатли ва самарали музокараларнинг амалий натижасидир.

Лойиҳа Хива шаҳри ҳудудини кенгайтириш ҳамда замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида янги шаҳар қисмини барпо этишни назарда тутади. Унга кўра, ҳудудда замонавий турар жой мажмуалари, ижтимоий ва тижорат объектлари, илғор транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, коммунал хизмат кўрсатиш ҳамда аҳоли учун зарур бўлган бошқа масканларни босқичма-босқич қуриш режалаштирилган.

Ташаббусни амалий жиҳатдан илгари суриш мақсадида элчихона кўмагида “HRL” компанияси делегациясининг Хоразм вилоятига бир неча бор ташрифлари уюштирилди. Сафарлар давомида лойиҳани амалга ошириш учун ажратилаётган ҳудудлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек ўқинг

Компания лойиҳани амалга ошириш жараёнида Покистонда йирик шаҳарсозлик ва инфратузилма объектларини барпо этиш соҳасида тўплаган бой тажрибасидан кенг фойдаланишни мақсад қилган.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликнинг яна бир амалий самарасини намоён этади. Покистонлик инвесторларнинг шаҳарсозлик ва замонавий технологиялар соҳасидаги салоҳияти Хива шаҳрини инновацион ва қулай шаҳар муҳитига айлантириш жараёнига муносиб ҳисса қўшади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш