Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилиш истиқболлари кўриб чиқилди
Июнь 07, 2026. 11:43 • 2 дақ
• 75
АБУ-ДАБИ, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари БААнинг энг йирик “TEXMAS” (Dubai Textile Merchants Association) тўқимачилик уюшмаси раиси Жагдиш Амарнани билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда 2000 йилда “TEXMAS” ва Дубайнинг “Ports, Customs and Free Zone Corporation” корпорацияси ўртасида ҳозирги кунда Яқин Шарқ ва Африка минтақасининг асосий тўқимачилик савдо марказларидан бири бўлган “Dubai Textile City”ни ташкил этиш тўғрисида келишув имзолангани қайд этилди.
Томонлар тўқимачилик соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, БАА ва минтақа мамлакатлари бозорларига Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини ошириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистон тўқимачилик компанияларига “Dubai Textile City” ҳудудидан савдо майдонлари ажратиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, “TEXMAS” уюшма аъзолари бўлган компаниялар орасида Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини илгари суришга ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон корхоналари негизида БАА компаниялари брендлари остида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини ҳам келишиб олдилар. Ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил июнь ойи охирида “TEXMAS” раҳбарияти ва Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ўртасида онлайн музокаралар ўтказиш режалаштирилди.
1990 йилда Дубайда ташкил этилган “TEXMAS” уюшмаси БААнинг етакчи тўқимачилик ташкилотларидан бири бўлиб, у савдо, ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни реэкспорт қилиш билан шуғулланувчи 460 дан ортиқ тўқимачилик ва тикувчилик саноати компаниясини бирлаштиради. Ташкилот дунёнинг 45 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси