Малайзия компанияси Ўзбекистонда чорвачилик ва агротуризм мажмуасини қуришга қизиқиш билдирди

Июнь 26, 2026. 08:10 • 2 дақ

88
Малайзия компанияси Ўзбекистонда чорвачилик ва агротуризм мажмуасини қуришга қизиқиш билдирди

КУАЛА-ЛУМПУР, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг “Farm Fresh @ UPM” компанияси директори Азми бин Зайнал билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Farm Fresh @ UPM” мажмуаси Малайзия Путра университети билан ҳамкорликда чорвачилик, агротуризм, умумий овқатланиш ва таълим дастурларини ўзида бирлаштирган агропарк ҳисобланади. Компания маълумотларига кўра, мазкур объектга ҳар йили 300 минггача киши ташриф буюради ва у талабалар учун амалиёт базаси сифатида ҳам қўлланилади.

Учрашув давомида компания вакиллари Малайзияда сут саноатининг ривожланиши, қорамол зотларини маҳаллий иқлим шароитларига мослаштириш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Таъкидланишича, компания фермаларида бир бош сигирнинг ўртача сут маҳсулдорлиги кунига 18-20 литрни ташкил этади.

Томонлар Ўзбекистонда Малайзия модели сингари чорвачилик ва агротуризм мажмуаси лойиҳасини амалга ошириш имкониятини муҳокама қилди. “Farm Fresh” вакиллари соҳага оид мутахассисларни жалб этган ҳолда таклифни ўрганишга ва уни компания директорлар кенгаши даражасида кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

2009 йилда ташкил этилган “Farm Fresh Berhad” компанияси Малайзиядаги энг йирик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Малайзия ва Австралияда ўз фермалари ҳамда қайта ишлаш қувватларига эга бўлгани туфайли компания минтақавий бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаб, агросаноат соҳасида барқарор ривожланишни намоён этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш