Logo

Ўзбекистонда "Uzbekistan+Sri Lanka" бренди остида чой маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши мумкин

Июль 29, 2025. 09:48 • 2 дақ

82
Ўзбекистонда "Uzbekistan+Sri Lanka" бренди остида чой маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши мумкин

КОЛОМБО, 29 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев ушбу мамлакатнинг "ESNA Ceylon Teas" компанияси президенти Савинда Жайянетти билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув давомида "ESNA" бренди остидаги чой маҳсулотларини Ўзбекистонда қадоқлаш ва тарқатиш, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари бозорларига йўналтирилган экспорт-логистика платформасини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур ташаббусни амалга ошириш учун мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналарда хорижий ҳамкорларга яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Компания раҳбари Савинда Жайянетти мазкур лойиҳа бўйича дастлабки ишларни бошлаш, жумладан, Ўзбекистон чой бозорини таҳлил қилиш, истеъмолчи профили ва логистика имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

Ҳамкорликнинг асосий концепцияси сифатида қуруқ цейлон чойини Ўзбекистонга етказиб бериш, эркин иқтисодий зона ҳудудида қадоқлаш, маҳаллий таъмларга мослаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ва минтақавий бозорларга экспорт қилиш таклиф этилди.

Чой қадоқлашдан ташқари, келгусида махсус чой бутикларини ташкил этиш, "чой маданияти"ни туризмнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш ва "Uzbekistan+Sri Lanka" бренди остида маҳсулот ишлаб чиқариш борасидаги таклифлар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди

Учрашув якунида лойиҳани амалга оширишнинг ташкилий жиҳатлари, жумладан компания президентининг мамлакатимизга сафарини ташкил этиш, лойиҳа тақдимотини ўтказиш, ўзбек шериклар билан музокаралар олиб бориш ва таклиф этилаётган биноларни ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

"ESNA Ceylon Teas" компанияси 1931 йилда ташкил этилган. У бугунги кунда Шри-Ланканинг чой саноатидаги етакчи компанияларидан бири бўлиб, 50 дан ортиқ турдаги юқори сифатли элита чой маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш