Logo

Ўзбекистон элчиси ва Нидерландиянинг Оверэйсел провинцияси комиссари ҳамкорлик истиқболларини келишиб олдилар

Ноябрь 24, 2024. 08:43 • 52 сония

183
Ўзбекистон элчиси ва Нидерландиянинг Оверэйсел провинцияси комиссари ҳамкорлик истиқболларини келишиб олдилар

ЗВОЛЛЕ, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчиси Ғайрат Фозилов (қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган) ушбу мамлакатнинг Оверэйсел провинциясига ташриф буюрди ва қироллик комиссари Андрис Пиетер Хейдема билан учрашув ўтказди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Ташриф Бенилюкс мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида амалга оширилди.

Комиссар Ўзбекистон делегациясини самимий қутлаб, мамлакатимиз элчисини биринчи марта қабул қилиш ҳудуд учун катта шараф эканини, чунки илгари бундай ташрифлар амалга оширилмаганини таъкидлади.

Учрашувда Нидерландия томонига Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон ҳудудлари ва Оверэйсел ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес миссияларини ташкил этиш орқали мамлакатимизда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар икки мамлакат университетлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.

Комиссар Андрис Пиетер Хейдема ўзбекистонлик шериклар ва Оверэйсел провинциясидаги хусусий бизнес тузилмалари, таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш