Logo

Ўзбекистон элчиси Покистон темир йўллар вазири билан Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди

Июнь 04, 2025. 14:27 • 2 дақ

92
Ўзбекистон элчиси Покистон темир йўллар вазири билан Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон темир йўллар федерал вазири Муҳаммад Ҳаниф Аббаси билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини, жумладан Ўзбекистон ва Покистонни ўзаро боғловчи транспорт-коммуникация инфратузилмалари, жумладан Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Федерал вазир Покистон ҳукумати Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий боғлиқлик ташаббуси, унинг муҳим таркибий қисми бўлган Трансафғон темир йўли қурилишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу борадаги ҳамкорликка устуворлик берилаётганини таъкидлади.

– Трансафғон темир йўли нафақат йирик транспорт лойиҳаси, балки Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон халқлари қайта боғловчи ва бу дўстлик риштасини асрлардан-асрларга ўтказувчи муҳим стратегик ташаббусдир, – деди вазир Муҳаммад Аббаси.

Трансафғон темир йўли лойиҳаси савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва томонларнинг янги бозорларга чиқиш имконини яратиши, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистоннинг Покистоннинг денгиз портлари билан боғлаши, икки минтақа ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш, логистика харажатларини қисқартириш ва умумий иқтисодий ўсишга туртки бериши эътироф этилди.

Покистон темир йўллар федерал вазири, шунингдек, ҳозирда бўлажак лойиҳанинг Покистон темир йўллари билан интеграциясини таъминлашга қаратилган техник-иқтисодий масалалар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Мазкур темир йўл лойиҳасининг амалга оширилиши бўйича расмий Тошкент, Исломобод ва Кобул ўртасида мунтазам мулоқот ҳамда ахборот алмашишни давом эттиришнинг долзарблиги қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш