Logo

Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари билан танишди

Июнь 10, 2025. 20:38 • 2 дақ

64
Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари билан танишди

ФАРҒОНА, 10 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Тимур Рахманов халқаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Дипломат ташриф давомида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажанов ҳамда таълим, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя учун масъул бўлган идора ва муассасалар вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Уларда ушбу соҳаларга хорижий ва халқаро грантлар, молиявий ва техник кўмакни жалб этиш, шунингдек экспортни ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Шунингдек, сафар давомида Қўқон эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган бир қатор саноат корхоналар раҳбарлари билан  музокаралар ташкил этилди.


Жумладан, ламинат ва МДФ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Khat decor", мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича "Yevro print kokand", "Avilon kokand" трикотаж маҳсулотларини тайёрлаш корхонаси ва бошқа мажмуалар раҳбарлари билан учрашувда улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Болтиқбўйи ва Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди.


Элчи Тимур Рахманов Фарғона вилояти Ёшлар ишлари агентлиги, Фарғона вилояти Хотин-қизлар котибияти мудири, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши раиси билан ҳам мулоқот қилди. Томонлар ушбу йўналишларга хорижий грантлар, молиявий ва техник кўмакни жалб этиш масалалари хусусида фикр алмашдилар. Якунда IT, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда қўшма лойиҳаларни тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.


Мамлакатимизнинг Латвиядаги дипломатик миссияси раҳбари, шунингдек, Фарғона вилояти Учкўприк туманининг иқтисодий салоҳияти, хусусан, саноат моллари, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳасида амалга оширилаётган лойилар билан танишди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш