Олтой Республикаси Ўзбекистон ҳудудлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр

Июль 15, 2026. 17:00 • 2 дақ

79
Олтой Республикаси Ўзбекистон ҳудудлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр

ТОҒЛИ ОЛТОЙ, 15 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Россия Федерацияси Олтой Республикаси ҳукумати раиси ўринбосари Ирина Петровская билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Олтой Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Андрей Цигулев ҳамда минтақа иқтисодий ривожланиш вазири вазифасини бажарувчи Константин Боровых иштирок этди.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ирина Петровскаянинг таъкидлашича, Ўзбекистон Олтой Республикасининг асосий ташқи иқтисодий ҳамкорлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми беш баробарга ошиб, 8,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Шунингдек ўқинг

Россия томони Ўзбекистонга пант хомашёсидан тайёрланган биофармацевтика маҳсулотлари, фитомаҳсулотлар, асал ва асаларичилик маҳсулотлари, жун, момиқ, пишлоқ, шунингдек, гўшт ва қандолат маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, Олтой бозорида сифатли ўзбек мева-сабзавотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани қайд этилди.

Ўз навбатида, Аслам Акбаров Ўзбекистон Олтойдан йирик шохли қорамол, жумладан, наслдор моллар, шунингдек, от ва эчкилар импортини янада кўпайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонга “Тоғли Олтой” зотли 2 300 бош эчки етказиб берилган бўлиб, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан қарийб икки ярим баробар кўпдир.

Мулоқот давомида туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар Олтой аҳолиси орасида Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлаб, Тоғли Олтой аэропортида халқаро терминалнинг ишга туширилиши ўзаро туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Учрашув якунида Олтой Республикаси Туризмни ривожлантириш бошқармаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда икки мамлакат туроператорлари иштирокида видеоконференция ташкил этишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш