Хитойда Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари намойиш қилинди

Июль 14, 2026. 08:10 • 2 дақ

112
Хитойда Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари намойиш қилинди
Хитойда Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари намойиш қилинди

ЛАНЬЧЖОУ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ташаббуси билан Ланьчжоу шаҳрида мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, экспорт ва инвестиция салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Халқаро тижорат низоларининг олдини олиш ва ҳал этиш ташкилоти, Хитой халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиш қўмитаси ҳамда Ганьсу провинцияси халқ ҳукумати маслаҳатчилари бошқармаси кўмагида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, савдо-саноат палаталари, тармоқ уюшмалари, юридик муассасалар, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Тақдимот давомида юртимизнинг экспорт-импорт салоҳияти, рақобатбардош маҳсулотларни Хитой бозорига етказиб бериш имкониятлари, ички бозор эҳтиёжлари, саноат ва инвестиция соҳаларидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ганьсу провинциясига Ўзбекистондан мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Ганьсу провинцияси тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ўзбек маҳсулотларини Хитой бозорида фаол тарғиб қилиш ҳамда хитойлик инвесторларни мамлакатимиздаги саноат ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Хитой томони ўзбек маҳсулотларини импорт қилиш, савдо шериклигини йўлга қўйиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор компанияларни жалб этишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича ахборот алмашинувини давом эттириш, ўзаро бизнес-миссиялар ва тақдимотлар ташкил этиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни йўлга қўйиш юзасидан ҳам келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш