Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Польша Миллий савдо палатаси ўртасида ишбилармонлар кенгаши тузилади
Декабрь 30, 2023. 10:44 • 2 дақ
• 234
ВАРШАВА, 30 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев Польша Миллий савдо палатаси президенти, Европа Савдо палаталари уюшмаси вице-президенти Марек Клочко билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Музокаралар давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан 2024 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши доирасида ташкил этиладиган бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Марек Клочконинг айтишича, Польша томони ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари билан электрон тижорат, IT, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Томонлар Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича шартномани комиссиянинг 8-йиғилиши давомида имзолашга келишиб олдилар. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Польшанинг 8 та давлат билан шунга ўхшаш тузилмалари мавжуд. Агар ушбу кенгаш тузилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчиси бўлади.
Марек Клочко, шунингдек, Польша Савдо палатаси томонидан Варшавада аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари учун ташкил этиладиган Польша воеводликлари (вилоят) билан танишув ташрифларида Ўзбекистон дипломатлари фаол иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, Польша томони Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари учун Ўзбекистон вилоятларига танишув ташрифларини ташкил этишда ўз тажрибаси билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади