Logo

Ўзбекистон ва Австрия электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Январ 10, 2024. 12:28 • 2 дақ

201
Ўзбекистон ва Австрия электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ВЕНА, 10 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов Австрия Электроника ва электротехника уюшмаси экология ва барқарор ривожланиш бўлими ижрочи директори Манфред Мюллнер билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда, шунингдек, Австрия Иқтисодий палатасининг минтақавий менежери Козима Штайнер ҳам қатнашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда электротехника соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Австрия томонига Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мақсад ва вазифалари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, электротехника йўналишида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун катта хом ашё базаси ва имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Томонлар Австрия электротехника корхоналари билан қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.

Австрия вакили Ўзбекистон билан электротехника соҳасида ҳамкорлик ўрнатишга катта қизиқиш мавжудлигини ва аниқ натижага қаратилган ишларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида шу йилнинг март ва апрель ойларида Венада икки мамлакат корхоналари вакиллари иштирокида алоҳида учрашув ташкил этишга келишиб олдилар.

Австрия Электроника ва электротехника уюшмаси 1914 йилда ташкил этилган. Уюшма электротехника соҳасида фаолият юритаётган Австрия корхоналари манфаатларини илгари суришда кўмаклашади, шунингдек, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Ҳозир кунда ушбу ташкилотга 300 та йирик корхона аъзо ҳисобланади. Уюшмага аъзо компанияларнинг ишлаб чиқариш қиймати йилига 23,3 миллиард АҚШ долларига тенг, савдо ҳажми эса 27 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш