Logo

Ўзбекистон ва Малайзия мамлакатимизда инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Январ 22, 2024. 09:32 • 2 дақ

164
Ўзбекистон ва Малайзия мамлакатимизда инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 22 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "YTL Corporation BHD" корпорацияси таркибидаги "YTL Construction" компанияси ижрочи директори Азми Абдул Азиз билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Малайзия томонига мамлакатимизда замонавий иқтисодиёт драйвери бўлган хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил маълумот берилди.


Малайзия томони компания тўғрисида тақдимот ўтказиб, амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, АҚШнинг NVIDIA компанияси билан Малайзияда қиймати 4,3 миллиард доллар бўлган сунъий интеллект булути ва суперкомпьютер инфратузилмасини яратиш ҳамда маълумотлар маркази ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Буюк Британияда компанияга тегишли бўлган Wessex Water - сув таъминоти ва оқава сув хизматларини кўрсатувчи корхона муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.


Учрашув давомида хориж томони билан ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди ва компания вакилларига мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой ва Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўлллари ҳамда Тошкент–Самарқанд пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳалари доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.


Азми Абдул Азиз ушбу лойиҳаларни амалга ошириш шартлари бўйича музокараларга тайёр эканлигини маълум қилиб, Малайзия компанияси мамлакатимизда иссиқлик электр станцияларини қуриш ва маълумотлар марказини (Data Center) ташкил этиш бўйича имкониятларни ўрганишга қизиқиш билдирди.


Учрашув якуни бўйича юқорида келтирилган лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганиш мақсадида хориж томони ҳамда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва ташкилотлари вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишилди.


Маълумот учун, "YTL Corporation BHD" корпорацияси 1955 йилда ташкил топган. Компаниянинг асосий фаолият тури интеграциялашган инфратузилма иншоотларини қуришдан иборат бўлиб, Сингапур, Буюк Британия, Индонезия, Япония, Иордания, Нидерландия каби мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширган. 2023 йил 31 декабрь ҳолатига кўра компаниянинг бозор капиталлашуви 10,5 миллиард долларни, умумий активлари қиймати 17,1 миллиард долларни ташкил этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш