Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқиш имкониятлари кенгаймоқда
Август 23, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 91
РИГА, 23 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси ташаббуси билан Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, “UZTEX” МЧЖ ҳамда Латвиянинг “Lauma Fabrics” компанияси раҳбарияти иштирокида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорларига етказиб бериш, ишлаб чиқаришни аутсорсинг асосида ташкил этиш, савдо ва логистика имкониятларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
“Lauma Fabrics” директори Эдийс Эглиньш ўзбек корхоналари билан аутсорсинг асосида ишлашга қизиқиш билдириб, маҳаллий маҳсулотларни “Lauma” брендининг Европадаги қарийб 500 та савдо нуқтасидан иборат тармоғи орқали сотишни таклиф қилди.
Шунингдек, компания юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш, уларни кейинчалик Болтиқбўйи мамлакатларига етказиб бериш учун ўз омбор инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида октябрь ойида Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва тўқимачилик корхоналари вакилларидан иборат делегациянинг Латвияга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
“Lauma” компанияси Латвиянинг тўқимачилик ва енгил саноат соҳасидаги йирик корхоналаридан бири бўлиб, аёллар ички кийимлари, тўқимачилик матолари, эластик материаллар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания Европа бозорида кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, Ўзбекистон корхоналари билан буюртмаларни жойлаштириш ва аутсорсинг асосида ҳамкорлик қилиш учун салоҳиятга эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси