Дубайнинг етакчи инвестиция холдинги раҳбарияти билан Ўзбекистон-БАА ўзаро манфаатли ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
Август 16, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 117
ДУБАЙ, 16 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси вакиллари “Dubai Holding” компанияси бош директори Амит Кавшал билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва “Dubai Holding” ўртасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, кўчмас мулк ва туризм инфратузилмаси соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари ҳамда соҳани ривожлантириш борасидаги кенг имкониятлар ҳақида фикр алмашди. Жумладан, Янги Тошкент ҳудудида шакллантирилаётган замонавий инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда туризм соҳасининг жадал ривожланаётгани ва хорижий сайёҳлар оқимининг ортиб бораётгани замонавий меҳмонхона, савдо-кўнгилочар ҳамда сервис инфратузилмасини барпо этиш учун янги имкониятлар яратаётгани таъкидланди.
Суҳбат давомида иштирокчилар истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятларини синчковлик билан ўрганиш ва ўзаро алоқаларни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.
2004 йилда ташкил этилган “Dubai Holding” – Дубай иқтисодиётини диверсификация қилиш ва узоқ муддатли барқарор ўсишини таъминлашга йўналтирилган йирик инвестиция холдинги саналади. Компания бугунги кунда 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб боради.
Холдинг таркибидаги машҳур “Jumeirah” бренди Европа, Осиё, Яқин Шарқ, жумладан, Лондон, Париж, Женева, Мальдив ороллари каби йирик сайёҳлик марказларида юқори даражадаги меҳмонхона ва курортларни бошқаради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси