Хитой компанияси Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди

Август 15, 2026. 17:00 • 2 дақ

130
Хитой компанияси Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди

ШАНХАЙ, 15 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонасида “China Railway Prefabricated Construction” (CRPC) компанияси бош директори Ван Пин билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот жараёнида томонлар қурилиш ва инфратузилма йўналишидаги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ван Пиннинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда ва инвестициялар ҳажми ошиб бормоқда. Қурилиш соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим драйверларидан бирига айланди.

Суҳбат давомида йирик инфратузилма лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, иссиқлик таъминоти, транспорт, тиббиёт, таълим ва уй-жой қурилиши соҳаларини қамраб олган “Янги Тошкент” лойиҳаси хусусида фикр алмашилди.

CRPC вакили “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича тарихий лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётганини маълум қилди. Айни пайтда компания лойиҳа доирасида қурилиш учун пўлат ва металл конструкциялар етказиб бермоқда.

Шунингдек ўқинг

Компания раҳбари Ўзбекистонда уй-жой, темир ва автомобиль йўллари, туристик объектлар қурилиши, тепловозларга хизмат кўрсатиш, темир йўлларни электрлаштириш ҳамда экологик тоза қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Хитой компанияси вакиллари ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонга тадбиркорлардан иборат делегация юбориш бўйича таклифларини билдирди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш