“News Network Pakistan”: Ўзбекистон сув дипломатиясига мамлакатда кечаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ёндашмоқда

Август 23, 2026. 12:30 • 2 дақ

12
“News Network Pakistan”: Ўзбекистон сув дипломатиясига мамлакатда кечаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ёндашмоқда

ИСЛОМОБОД, 23 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “News Network Pakistan” онлайн нашри Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатовнинг  “ШҲТ ва сув дипломатияси: умумий манфаатлар йўлида” сарлавҳали мақоласини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг таъсис ҳужжатларида табиий ресурслардан, жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўшма экологик дастурларни амалга ошириш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторига киритилган, – дея маълум қилади муаллиф. – Кейинги йилларда мазкур йўналишнинг сиёсий ва ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. ШҲТнинг Душанба ва Самарқанд декларацияларида хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш, сув ресурсларини комплекс ва оқилона бошқариш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти сифатида қайд этилди”.

 Мақолада Ўзбекистон сув дипломатиясига фақат ташқи сиёсат воситаси сифатида эмас, балки мамлакат ичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ёндашаётгани эътироф этилган. Зеро, минтақавий мулоқотда сувдан самарали фойдаланиш ғоясини илгари суриш учун ҳар бир давлат, аввало, ўз ҳудудида сув исрофини камайтириши ва замонавий бошқарув тизимини шакллантириши зарур.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси ва халқига сўнгги Мурожаатномасида ҳам сув танқислиги дунё миқёсида тобора долзарблашиб бораётгани, шу боис сувдан оқилона фойдаланиш ислоҳотларнинг дастлабки кунлариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди”. – дейилган мақолада.

Шунингдек ўқинг

Покистон электрон нашри эълон қилган материалда сўнгги йилларда Ўзекистонда ушбу соҳада эришилаётган натижалар алоҳида урғуланган. Сув тежовчи технологияларни жорий этишда ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. 2025 йил якунида бундай технологиялар қамрови 2,6 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг 61 фоизига етди.

 Муаллиф таъкидига кўра, бугун сув дипломатиясига фақат низоларнинг олдини олиш воситаси сифатида қараш етарли эмас. У иқтисодий тараққиётни рағбатлантириши, инвестицияларни жалб қилиши, технологиялар алмашинувини тезлаштириши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши керак.

“Зеро, сув давлат чегараларини танламайди. Унинг оқими халқларнинг тақдири, фаровонлиги ва келажагини бир-бирига боғлайди. Сувдан оқилона фойдаланиш — иқтисодий тараққиёт, уни адолатли бошқариш — яхши қўшничилик, ҳар бир томчини асраш эса умумий келажак олдидаги масъулиятдир”, – деб ёзилган мақола охирида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш