Logo

Ўзбекистон делегацияси Польшада ўтаётган халқаро тўқимачилик кўргазмасида иштирок этди

Ноябрь 22, 2024. 03:10 • 2 дақ

187
Ўзбекистон делегацияси Польшада ўтаётган халқаро тўқимачилик кўргазмасида иштирок этди

ВАРШАВА, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва USAIDнинг Тошкентдаги ваколатхонаси кўмагида "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси делегациясининг шу йил 19-21 ноябрь кунлари Варшава шаҳрида ўтган "Fast Textile 2024" халқаро тўқимачилик кўргазмасида иштироки ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар доирасида 19 ноябрь куни "Ptak Warsaw Expo" кўргазма залида "Польша-Осиё" савдо палатаси билан биргаликда бизнес-форум ўтказилди.

Унда ўзбек томонидан "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси, тўқимачилик корхоналари вакиллари, поляк томонидан эса "Польша-Осиё" Савдо палатаси, Польша тўқимачилик корхоналари уюшмаси, Ўзбекистондан енгил саноат маҳсулотларини импорт қилувчи компаниялар вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Президенти бошчилигида юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, республикада тўқимачилик саноати салоҳияти, эришилган ютуқлар ва бу борада ҳамкорлик имкониятлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Йиғилганлар эътибори Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан 2024 йил март ойидан йўлга қўйилган Тошкент ва Варшава ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновларнинг аҳамиятига қаратилди.

Элчихона ходимлари томонидан ўтказилган тақдимотда Европа Иттифоқининг "GSP+" тартиби туфайли 2023 йил яунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсиб, 600 миллион АҚШ долларини ташкил этгани қайд этилди.

Польшада фаолият юритаётган бешта тўқимачилик савдо уйлари орқали Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари сотуви ҳажми ортгани маълум қилинди.

 "Польша-Осиё" Савдо палатаси президенти Януш Пехочинский ўз навбатида, Польшада Ўзбекистондаги жадал ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнини диққат билан кузатишларини билдирди. "Республикани ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича комплекс дастур Польша тадбиркорлари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун ажойиб имконият, бу иккала томон учун ҳам фойдали. Поляклар ва Польша компаниялари Ўзбекистон томони билан ҳамкорликдан манфаатдор", деди у.

Шунингдек, тадбир доирасида G2B ва B2B форматида музокаралар ташкил этилди. Унда қатор қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш