Logo

Бокуда Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда электроника жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона очилди

Январ 23, 2025. 11:44 • 43 сония

185
Бокуда Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда электроника жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона очилди

БОКУ, 23 январь. /"Дунё" АА/. Озарбайжон пойтахтида Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда "Premier Elektronics" компанияси ташкил этилди ва унинг очилиш маросими бўлиб ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур лойиҳа Озарбайжонга юқори қўшилган қийматли миллий электротехника жиҳозлари экспортини янада ошириш мақсадида Оҳангарон иқтисодий зонасида жойлашган "Premier" маиший техника ишлаб чиқариш компанияси томонидан амалга оширилди.

Тадбирда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти, Озарбайжон тадбиркорлари иштирок этди. Очилиш маросимида сўзга чиққанлар маҳсулотлар нархи ва сифатини юқори баҳоладилар ҳамда "Premier Elektronics" жиҳозлари Озарбайжон бозорида муносиб ўрин эгаллашига умид билдирдилар.

Биринчи босқичда компания томонидан турли ҳажмдаги совутгичлар, телевизорлар, кир ювиш машиналари ва кондиционерлар савдоси йўлга қўйилди. Келгусида "Premier" заводи маиший техникасини ишлаб чиқариш линияларини Озарбайжонда ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.

"Premier" компания йилига салкам 5 миллион АҚШ доллари миқдорида электротехника жиҳозларини Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш