Лодзь шаҳрида Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Июнь 22, 2024. 10:20 • 2 дақ
• 139
ВАРШАВА, 22 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Польшанинг Лодзь воеводлигида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф иқтисодий дипломатия соҳасидаги Ўзбекистон–Польша муносабатларини, хусусан ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон элчиси сафар давомида Лодзь воеводлиги (вилояти) президенти ўринбосари Адам Пустельник билан учрашув ўтказди.
Қайд этилишича, Лодзь воеводлиги Польшанинг тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ривожланган етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистондан Польшага экспорт қилинадиган енгил саноат маҳсулотларининг асосий қисми ушбу вилоят ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда Ўзбекистон компанияларининг 4 та савдо уйлари фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон расмий вакили Фарғона вилояти ва Лодзь ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш борасида тегишли меморандумни имзолаш ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш мақсадида ушбу ҳудуд тадбиркорларининг Ўзбекистонга бизнес миссиясини ташкил қилиш таклифини билдирди.
Лодзь президенти ўринбосари Адам Пустельник таклифни мамнунлик билан қабул қилди ва тўқимачилик, агросаноат, фармацевтика, транспорт-логистика, электроэнергетика, машинасозлик, ахборот технологиялари, туризм ва маданий-гуманитар йўналишларида Фарғона вилояти билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
"Лодзь махсус иқтисодий зонаси нафақат Польша, балки Европа ҳудудидаги кичик ва йирик компанияларни ўзида бирлаштирадиган энг етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан, Биз Фарғонадаги эркин иқтисодий зоналарнинг ушбу зона билан ҳам ўзаро алоқаларини ўрнатишда кўмак беришга тайёрмиз. Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан Фарғонадан Лодзга ишчиларни жалб қилиш имкониятлари ҳам бор", деди у.
Ўзбекистон дипломатик миссияси вакиллари Лодзь савдо-саноат палатасида Польша саноатни ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этишди. Унда Польша парламенти сенаторлари, маҳаллий ҳукумат, ишбилармон ва журналистика доиралари вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбир давомида Фарғона вилояти Савдо-саноат палатаси ва Лодзь савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Элчихона ходимлари томонидан ўтказилган тақдимотда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон–Польша ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари, икки мамлакат вилоятлари ўртасида ҳудудлараро алоқалар, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳияти тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади