Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида авиақатновларни кўпайтириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди

Декабрь 06, 2025. 13:53 • 2 дақ

317
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида авиақатновларни кўпайтириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди

КАРАЧИ, 6 декабрь. /“Дунё” AA/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Fly Jinnah” хусусий авиакомпанияси раҳбари Саид Арман Яҳя билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновлари географиясини кенгайтириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ва авиакомпаниялар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан ҳаво транспорти орқали юк ташишни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Cўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари сиёсий алоқалардан тортиб, савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, туризм, маданият ва таълим йўналишларигача изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги савдо ҳажмини, туристлар оқимини ошириш, қўшма корхоналарни ташкил этиш, Ўзбекистонда фуқаро авиациясини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ва ушбу йўналишда ўз фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида айтиб ўтилди.

Шунингдек ўқинг

Саид Арман Яҳя “Fly Jinnah” авиакомпанияси, унинг келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, компания 2022 йилда 6 та ҳаво кемаси билан ўз фаолиятини бошлаган. Жорий йил декабрь ойида авиакомпания парки яна 2 та замонавий самолёт билан тўлдирилади. Компания ҳозирги вақтда маҳаллий йўналишлардан ташқари, Саудия Арабистони ва БААнинг қатор шаҳарларига мунтазам авиақатновларни амалга оширмоқда.

– Парвозлар географиясини кенгайтириш доирасида 2026 йилда 4 та янги йўналишда мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз, – деди у. – Шу маънода Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳаво транспортида юк ташувларини амалга ошириш, жумладан алоҳида юк рейслари ва LCL-хизматларини йўлга қўйиш, мамлакатимиз орқали учувчи транзит йўловчилар учун қулайлик яратиш ва Тошкент шаҳрини минтақавий хабга айлантириш учун йўловчилар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон авиакомпаниялари, хусусан “Uzbekistan Airways” АЖ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдормиз.

Учрашув якунида, томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича алоқаларни янада ривожлантириш ва тегишли ташкилотлар билан учрашувлар ташкил этишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш