Беларуснинг Могилёв шаҳрида “Янги Тошкент” лойиҳасининг инвестициявий имкониятлари тақдим этилди
Ноябрь 22, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 54
МОГИЛЁВ, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Могилёв шаҳрида “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” давлат муассасаси вакиллари иштирокида “Янги Тошкент” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусь Савдо-саноат палатасининг Могилёв бўлимида ўтказилган тадбирда “Могилевоблсельстрой”, “Могилевгражданпроект”, “Стройтрест-Холдинг”, “Промжилстрой” ва “Могилевский ДСК” каби 10 та йирик қурилиш ҳамда лойиҳалаш ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Уларга янги шаҳарда замонавий турар жой, ижтимоий ва инфратузилма объектларини барпо этиш, шунингдек, энергия тежамкор ва “ақлли” технологияларни жорий қилиш бўйича инвестициявий имкониятлар тақдим этилди.
Тақдимот якунида Беларусь ишбилармон доиралари лойиҳада иштирок этиш истиқболларини ўрганиб чиқиши ҳамда жойида амалий музокаралар ўтказиш учун келгуси йил январь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришига келишиб олинди.
Бундан ташқари, Беларусь Савдо-саноат палатаси Могилёв бўлими раиси Геннадий Черний билан кечган суҳбат чоғида вилоят корхоналари Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор экани қайд этилди. Шу муносабат билан январь ойидаги делегация таркибига ушбу соҳа тадбиркорларини ҳам киритиш режалаштирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси