Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасида Украинанинг йирик бизнес вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Май 06, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 134КИЕВ, 6 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вакиллари мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Украинадаги йирик компаниялар раҳбарлари ва инвесторлар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур учрашув “Киев халқаро иқтисодий форуми” ва “Sense Bank” ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Global Today” дастури доирасида ташкил этилди.
Тадбирда “MEGOGO”, “MTI GROUP”, “UNIT.City”, “МХП (Myronivsky Hliboproduct)”, “Sense Bank”, “Uklon”, “Биосфера”, “Дарница”, “Idea Bank” каби 60 дан ортиқ йирик компания вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон элчиси Алишер Курманов мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ имтиёзлари, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда транспорт-логистика имкониятлари ҳақида маълумот берди. У Ўзбекистонда инвестиция муҳити изчил яхшиланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Украиналик тадбиркорлар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги жозибадор ва истиқболли бозор сифатида баҳолаб, мамлакатдаги барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда очиқ инвестиция сиёсатига юқори баҳо берди.
Жумладан, “Uklon” компанияси Тошкентда 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритганини ва Ўзбекистон бозорида фаолиятни янада кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди. Фармацевтика соҳасидаги “Дарница” компанияси эса Ўзбекистонни ўзининг стратегик бозорларидан бири сифатида кўраётганини билдирди.
АКТ соҳасида фаолият юритувчи “Sigma Software” ва бошқа компаниялар Ўзбекистондаги кадрлар салоҳияти, солиқ имтиёзлари ҳамда рақамли иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Шунингдек, бир қатор компаниялар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маҳаллий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчилар шу йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форумига таклиф этилди. Ўзбекистон томони ҳар бир инвестор билан алоҳида ишлаш, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


