Могилёв шаҳрида Ўзбекистоннинг Беларусдаги биринчи фахрий консуллик офиси очилди
Ноябрь 20, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 44
МОГИЛЁВ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Могилёв шаҳрида Ўзбекистоннинг Минск шаҳри ва Могилёв вилояти бўйича фахрий консули идорасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур муассаса шаҳарда очилган илк шундай дипломатик ваколатхонадир.
19 ноябрь куни ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон элчиси Нуриддин Мамажонов “Серволюкс” компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси Евгений Баскинга консуллик патентини топширди. Икки мамлакат расмий вакиллари ушбу идоранинг очилиши Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияда мустаҳкамланган келишувларнинг мантиқий давоми эканини ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини таъкидладилар.
Ўзбекистондаги йирик беларуслик инвесторлардан бири бўлган Евгений Баскин қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ишбилармон доираларни амалий қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди. “Янги лавозимдаги вазифам — ўзбекистонлик тадбиркорларга маҳаллий хусусиятларни тушунтириш ва хатарларни камайтириш орқали Беларусда лойиҳаларни муваффақиятли йўлга қўйишда кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистонда Беларусь ташаббусларини ривожлантиришга ёрдам беришдан иборат”, — деди у.
Могилёв вилояти ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Елена Прудникова-Кирпичёнок ҳамкорлик динамикасига оид рақамларни келтириб ўтди. Cўнгги беш йил ичида вилоятнинг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 2,6 баробарга, экспорт 2,5 баробарга, импорт эса 2,9 баробарга ошган. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида товар айирбошлаш ҳажми 30 миллион доллардан ошиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,4 фоизга ўсди. Экспортнинг асосини ёғоч материаллари, гўшт ва сут маҳсулотлари, импортни эса тўқимачилик, ип-калава ва сархил мевалар ташкил этмоқда. Янги идора икки давлат фуқаролари учун очиқ мулоқот майдонига айланиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси