Римда Ўзбекистон ва Италия компанияларини бирлаштирувчи "Business Matching" рақамли платформаси ишга туширилди
Июнь 15, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 104РИМ, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан “Cassa Depositi e Prestiti” (CDP) давлат инвестиция банки томонидан ишлаб чиқилган “Business Matching Platform” рақамли платформа тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Италия ва Ўзбекистон учрашуви” деб номланган ушбу онлайн учрашувда Италиянинг юртимиздаги элчихонаси, Италия савдо агентлиги, SACE экспорт-кредит агентлиги, SIMEST инвестиция агентлиги, Италиянинг йирик саноат компаниялари конфедерацияси, CDP банки вакиллари иштирок этди. Мамлакатимиз номидан Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда Савдо-саноат палатаси масъуллари қатнашди.
Анжуманда юртимизнинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев, Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гвидо Де Санктис, Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Қаршибоев ҳамда CDP банки раҳбарияти вакиллари сўзга чиқиб, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон вакиллари томонидан мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, валюта бозорининг эркин фаолият юритиши, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари орқали янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Тақдимот чоғида италиялик мутахассислар “Business Matching Platform” тизимининг кенг имкониятлари ҳақида маълумот берди. Мазкур платформа италиялик ва хорижий тадбиркорлар ўртасида ишончли шерикларни топиш, махсус алгоритмлар ёрдамида бизнес-профилларни ўзаро мослаштириш, тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда виртуал B2B форматидаги учрашувларни ташкил этиш имконини берувчи мутлақо бепул рақамли восита ҳисобланади.
Учрашувда Италиянинг машҳур “Cotonella” компанияси директори Ренато Спаньоло Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида тўқимачилик лойиҳасини амалга ошириш борасидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. У Ўзбекистон давлат идоралари томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамни, маҳаллий кадрларнинг профессионал салоҳиятини ҳамда мамлакатимиз тўқимачилик тармоғида мавжуд кенг имкониятларни юқори баҳолади.
Тадбир якунида яқин ҳафталар ичида CDP рақамли платформаси орқали Ўзбекистон ва Италия компаниялари ўртасида аниқ йўналишлар бўйича мақсадли B2B шаклидаги музокаралар ташкил этилиши эълон қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

