Хитойдан муносабат: Тошкент инвестиция форуми йирик инвесторлар учун муҳим майдон вазифасини ўтайди

Июнь 15, 2026. 10:30 • 2 дақ

100
Хитойдан муносабат: Тошкент инвестиция форуми йирик инвесторлар учун муҳим майдон вазифасини ўтайди

ПЕКИН, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Пекин халқаро мулоқот клуби бош котиби Хань Хуа “Дунё” ААга шу йил 16–18 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– V Тошкент халқаро инвестиция форуми Хитой учун ҳам жуда манфаатли. Зеро, сўнгги йилларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳажми тобора ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги инвестициялар ҳажмининг ўсиши ва ўзаро ҳамкорлик салоҳияти жуда юқори. Икки томонлама иқтисодий шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қодир бўлган инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналиш ҳисобланади.

Мамлакатларимиз сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта истиқболга эга. Булар рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма қурилиши, инвестиция ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш мумкин бўлган бошқа соҳалардир.

Шунингдек ўқинг

Хитой тадқиқот маркази вакили сифатида мен Ўзбекистон компанияларини Шанхай, Шэньчжэнь ва Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фонд биржаларида иштирок этишга чақираман. Бу икки мамлакат инвесторлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада кенгайтиради.

Сармоявий ҳамкорликнинг кенгайиши ҳар икки томоннинг умумий манфаатлари ва истиқболларини янада яқинроқ боғлаш имконини беради. Ушбу халқаро инвестиция форуми нафақат хитойликлар, балки бутун дунё инвесторлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бу Ўзбекистоннинг изчил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини амалга ошираётган, жадал ривожланаётган иқтисодиёт сифатида халқаро ҳамжамиятда ишонч уйғотиб, улкан иқтисодий салоҳиятини намоён этаётганидан далолат беради.

Инвестиция жараёнларининг яқин интеграциялашуви мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди. Биз ўзаро устунликлар, хайрихоҳлик ва ишончдан фойдаланган ҳолда янги инвестиция векторларини, шу жумладан, учинчи мамлакатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини биргаликда белгилашимиз мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш