Ҳатай вилоятида “Ўзбекистон маҳалласи” тантанали равишда очилди
Июнь 15, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 55ҲАТАЙ, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Ҳатай вилояти Арсуз туманида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган турар-жой мажмуаси негизида ташкил этилган “Ўзбекистон маҳалласи”, Шавкат Мирзиёев булвари ҳамда Тошкент ва Самарқанд кўчаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Маросимда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш, Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли, маҳаллий расмийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида Нуман Куртулмуш ушбу ташаббус Туркия халқи ва давлатининг ўзбек халқига бўлган самимий миннатдорлигининг ифодаси эканини таъкидлади.
– Арсузда Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва маданиятини ифода этувчи номларнинг абадийлаштирилиши икки биродар халқнинг дўстлик рамзидир. Бу қадам оғир кунларда биз билан елкама-елка турган ўзбек халқининг турк биродарларига билдирилган юксак эҳтиромидан далолат беради, – деди Нуман Куртулмуш.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини алоҳида эътироф этди. Ушбу марказ туркий дунёнинг муҳим маънавий ва илмий марказларидан бири сифатида таърифланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда “Янги Ренессанс” ғояси юқори натижалар бераётгани қайд этилди.
Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли 2023 йил 6 февралдаги ҳалокатли зилзиладан кейин Ўзбекистон кўрсатган амалий ёрдамни турк халқи ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади.
– Ҳатай аҳолиси номидан дўст ва қардош ўзбек халқига чуқур миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойидаги Анқара ташрифи чоғида расман очилган ушбу турар-жой мажмуасига “Ўзбекистон маҳалласи” номи берилгани халқларимиз ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунасидир, – деди ҳоким.
Маросим давомида иштирокчилар томонидан Шавкат Мирзиёев бульвари, Тошкент ва Самарқанд кўчаларининг очилиши рамзи сифатида тасма кесилди.
Мазкур мажмуа Ўзбекистон томонидан Ҳатай вилоятини тиклашга қаратилган гуманитар кўмакнинг муҳим намунаси ҳисобланади. Бу тадбир икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва қардошлик муносабатларининг яна бир ёрқин ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

