Норвегиядаги халқаро тадбирда Ўзбекистоннинг миграция сиёсати тақдим этилди
Ноябрь 09, 2026. 18:42 • 2 дақ
• 23ОСЛО, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) Норвегия Иммиграция бошқармаси (UDI) билан ҳамкорликда дипломатик миссиялар учун миграция соҳасидаги глобал ҳамкорлик, ихтиёрий қайтиш ва мигрантларни реинтеграция қилишга бағишланган йиллик семинар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда UDI бош директори Снорре Сэтер, Норвегия Адлия ва жамоат хавфсизлиги вазирлиги, ХМТ штаб-квартираси ва Европа Иттифоқи вакиллари, шунингдек, 50 дан ортиқ элчихоналар раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон мазкур семинарда илк бор қатнашди.
Панель сессиясида сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Нуримбетов Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган миграция сиёсатининг устувор йўналишлари, жумладан, 2026 йил 2 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ҳақида сўзлаб берди. У сўнгги йилларда Ўзбекистонда уюшган меҳнат миграцияси географияси 3 та давлатдан 27 тага кенгайганини қайд этди.
Элчи янги шароитда Ўзбекистон европалик ҳамкорларга ўзаро манфаатли шериклик моделини таклиф этаётганини таъкидлади. Бунга амалий мисол сифатида Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция ва реадмиссия соҳасидаги ҳужжат имзолангани, шунингдек, мазкур ҳужжат дипломатик паспорт эгалари учун визасиз режимни ҳам назарда тутиши келтириб ўтилди.
Дипломат шунга ўхшаш модель изчил равишда Норвегия ва Данияда ҳам илгари сурилаётганини, бу борада миграция идоралари, иш берувчилар уюшмалари ва дипломларни тан олиш тузилмалари билан амалий ишлар олиб борилаётганини билдирди.
Семинар доирасида Норвегия Адлия ва жамоат хавфсизлиги вазирлиги ҳамда Иммиграция бошқармаси вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, уларда мазкур соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик форматлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

