Анталиядаги COP31 саммитида Марказий Осиёда иқлимга мослашиш бўйича минтақавий ташаббуслар тақдим этилди
Ноябрь 09, 2026. 20:00 • 3 дақ
• 21АНТАЛИЯ, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон иштирокида қатор тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбирларда минтақанинг сув-иқлим барқарорлиги, иқлим ўзгаришининг ёшлар саломатлигига таъсири, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги тизимларини мослаштириш, Марказий Осиё ландшафтларини тиклаш дастурини ишга тушириш каби масалалар қамраб олинди.
“Мослашув имкониятларидаги тафовутни бартараф этиш: Марказий Осиёнинг сув-иқлим барқарорлиги” мавзусидаги тадбир минтақа давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакилларини бир даврага жамлади.
Иштирокчилар миллий даражадаги мослашув ва трансчегаравий дарё ҳавзалари бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар хусусида фикр алмашдилар. Биргаликда мониторинг ва маълумот алмашиш, эрта огоҳлантириш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ҳамда экологик лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон томони сув хўжалиги йўналишидаги тажрибаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва Япония билан ҳамкорликда Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган лойиҳаларни тақдим этди.
Ташкилотчилар “Анталия–Абу-Даби: Марказий Осиёнинг сув-иқлим барқарорлиги бўйича ҳаракатлар кун тартиби” номли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва ундаги таклифларни БМТнинг Абу-Дабида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон сув конференцияси кун тартибига киритишни мақсад қилган.
Ўзбекистон миллий павильонида “Руҳий саломатликсиз умумий саломатлик бўлмайди: иқлим ўзгариши шароитида ёшлар фаровонлиги” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда экологик хавотир, қурғоқчилик, сув тақчиллиги ва мажбурий кўчишларнинг ёшлар руҳий-эмоционал ҳолатига таъсири кўриб чиқилди.
Қатнашчилар иқлимга оид қарорлар қабул қилишда ёшлар тажрибасини инобатга олиш ва оммабоп психологик кўмак механизмларини яратиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида гендер жиҳатлари ҳисобга олинган мослашув тадбирларини молиялаштиришга бағишланган учрашув ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар жазирама иссиқ ва сув захираларининг қисқариши, аввало, аёллар, ўсмир қизлар ҳамда қишлоқ аҳолиси учун қўшимча хатарларни келтириб чиқараётганини таъкидладилар.
GGGI ва UNFPA иқлим ўзгаришига бардошли соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Айни пайтда Қорақалпоғистонда оналар саломатлигини муҳофаза қилишнинг барқарор тизими модели ишлаб чиқилмоқда. Қирғизистонда эса шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш дастури йўлга қўйилди.
ФАО мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга ошираётган “FOLUR-Uzbekistan” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказди. Унда қурғоқчилик, сув тақчиллиги ва ер деградациясига қарши курашиш, тўғридан-тўғри экиш (No-till), тупроққа минимал ишлов бериш, экин турларини кўпайтириш (диверсификация) ва фермерларни ўқитиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Германия павильонида 2026 йил 28 октябрь куни Яшил иқлим жамғармаси Кенгаши томонидан маъқулланган “Марказий Осиёнинг иқлимга чидамли ландшафтлари” (CLiCA) минтақавий дастурига старт берилди.
Мазкур дастур Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан Яшил иқлим жамғармаси, Германия ҳукумати, GIZ ҳамда Европа инвестиция банки кўмагида ишлаб чиқилган. Ўзбекистон учун тўртта вилоятдаги 15 та туманга йўналтириладиган 103,7 миллион евро миқдоридаги инвестиция кўзда тутилган.
Дастур 18 минг гектар ўрмон ва 123 минг гектар яйловни қайта тиклаш, томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, қурғоқчиликка чидамли экинлар етиштириш ва иссиқхоналар барпо этишни ўз ичига олади. Шунингдек, 12 минг фермер иқлим масалалари бўйича маслаҳатлар олади.
Натижада 342 минг кишининг иқлим ўзгаришларига чидамлилиги ошади, уларнинг ярмини аёллар ташкил этади. Киритилган ҳар бир евро миқдоридаги миллий бадалга шериклар томонидан 24 евродан зиёд маблағ йўналтирилади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларни маълум қилди. Булар дастурни 2027 йилда тўлиқ амалга ошириш, эришилган натижалар учун миллий жавобгарликни таъминлаш ва очиқ ҳисобдорликни йўлга қўйишдан иборат.
“Бугунги ҳужжат имзолаш марра эмас, балки янги саъй-ҳаракатлар учун бошланиш нуқтасидир”, – деди А. Абдуҳакимов.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









